ТАЛАБА НУТҚИ ВА МАЪНАВИЯТ
Abstract
Тил халқнинг бебаҳо маънавий бойлиги, битмас-туганмас хазинасидир. Тилни халқдан, халқни эса тилдан ажратиб бўлмайди. Ҳар бир халқнинг маънавий бойлиги, ақл-идроки, тафаккури, илмий, тарихий ва маданий бойликлари унинг тилида ўз ифодасини топади. Агар бирор сабаб билан миллий тил йўқолса, миллат ҳам бора-бора барҳам топади. Агар тил яшаса, халқ ҳам яшайди, ўша миллатнинг келажаги ҳам бўлади. Тилда ижтимоий ҳаётдаги барча ўзгаришлар ҳамда янгиланишлар ўз аксини топади. Шу билан бирга кишиларнинг ички олами, сувратигина эмас, балки сийрати ҳам унинг тилидан билинади. Кишилар ўз тиллари орқали ўзларини танитадилар, яъни инсоннинг гапидан унинг миллатини, шевасини аниқласа бўлади. Ҳатто унинг кайфиятини ҳам билиш мумкин. Хурсанд ёки хафалигини ҳам нутқ оҳангидан сезиш қийин иш эмас. Демак, тил кишиларнинг ўзига хослигини, уларнинг маънавий қиёфасини ёрқин кўрсатувчи ойнадир.